KOMPANIYA HAQIDA

«O’zmaxsusmontajqurilish» aksiyadorlik kompaniyasi 1970 yili Montaj va maxsus qurilish ishlari Vazirligi sifatida tashkil etilgan edi. Respublika mustaqillikka erishganidan so’ng Vazirlik O’zbekiston Respublikasi Prezidentining Farmoni bilan 1992 yil "O’zmontajmaxsusqurilish" Uyushmasiga, keyinchalik 2014 yili «O’zmaxsusmontajqurilish» aksiyadorlik kompaniyasiga aylantirilib uning tarkibidagi tashkilotlar xususiylashtirildi. O’sha davrda xalqimiz va hukumatimiz oldida Respublikaning iqtisodiy salohiyatini oshirish.. batafsil

  

«O’zmaxsusmontajqurilish»

 акциядорлик компанияси устави

 

«ТАСДИҚЛАНГАН» - Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг 2014 йил 15 майдаги 06-к-ПО-сонли буйруғи билан

«РЎЙХАТГА ОЛИНГАН»  - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2014 йил «26» май

«O’zmaxsusmontajqurilish» АК Уставига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар матни - «O’zmaxsusmontajqurilish» АК ягона акциядорининг 16” май 2016 йилдаги  баённома қарори асосида «ТАСДИҚЛАНГАН»  

«O’zmaxsusmontajqurilish» АК Уставига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар матни - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил «18» майда «РЎЙХАТГА ОЛИНГАН»

«O’zmaxsusmontajqurilish» АК Уставига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар матни - «O’zmaxsusmontajqurilish» АК ягона акциядорининг “27” июнь 2016 йилдаги  баённома қарори асосида «ТАСДИҚЛАНГАН»  

«O’zmaxsusmontajqurilish» АК Уставига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар матни - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил «26» сентябрда «РЎЙХАТГА ОЛИНГАН»

 

I.            УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1.1. “O’zmaxsusmontajqurilish” акциядорлик компанияси (бундан буён - Компания), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 27 февралдаги ПФ-2136-сон “Махсус монтаж қурилиш ишларини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2014 йил 15 майдаги 06-к-ПО-сонли буйруғига мувофиқ “Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмасини қайта ташкил қилиш тартибида ташкил этилди.

“Ўзбекистон монтаж ва махсус қурилиш ишлари” ("Ўзмонтажмахсусқурилиш") уюшмаси Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан 1994 йил 17  майда 2689-сон реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

“O’zmaxsusmontajqurilish” акциядорлик компанияси “Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

1.2. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган.

1.3. Компаниянинг тўлиқ фирма номи:

Ўзбек тилида: “O’zmaxsusmontajqurilish” aksiyadorlik kompaniyasi.

Рус тилида: акционерная компания “O’zmaxsusmontajqurilish”.

 

Компаниянинг қисқартирилган фирма номи:

Ўзбек тилида: “O’zmaxsusmontajqurilish” AK

Рус тилида: АК “O’zmaxsusmontajqurilish”.

 

1.4. Компания давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади. Компания чекланмаган муддатга тузилади.

1.5. Компания юридик шахс бўлиб, у ўз мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка, шу жумладан ўзининг устав фондига берилган мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

1.6. Компания ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган тўлиқ фирма номига эга бўлади ва қисқартирилган фирма номига эга бўлиши мумкин.

Компания ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган ери кўрсатилган юмалоқ муҳрга эга бўлади.

Компания ўзининг номи ёзилган штамп ва бланкаларга, ўз тимсолига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарларнинг, ишларнинг ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи бошқа воситаларга эга бўлишга ҳақли.

1.7. Компания у билан алоқа амалга ошириладиган почта манзилига ва электрон почта манзилига эга бўлади. Компаниянинг жойлашган ери (почта манзили) у давлат рўйхатидан ўтказилган жойга кўра белгиланади. Компания ўзининг жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили ўзгарганлиги тўғрисида юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларни ёзма билдириш юбориш йўли билан, акциядорларни эса оммавий ахборот воситаларида эълон бериш йўли билан хабардор этиши шарт.  

1.8. Компания ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади. Акциядорлар Компаниянинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди ва унинг фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида қоплаш таваккалчилигини ўз зиммасига олади.

1.9. Акцияларнинг ҳақини тўлиқ тўламаган акциядорлар Компаниянинг мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўлади.

1.10. Компания ўз акциядорларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

1.11. Компаниянинг мол-мулки унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиб, Компания акцияларини жойлаштиришдан тушган маблағлар, асосий фондлар ва айланма маблағлар, кўчар ва кўчмас мулклар, қимматли қоғозлар, олинган даромад, қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган бошқа асосларда олинган бошқа мол-мулклардан ташкил топади.

1.12. Компания ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида филиаллар ташкил этишга ва ваколатхоналар очишга ҳақли.

1.13. Компаниянинг филиаллари ва ваколатхоналари юридик шахс бўлмайди. Улар Компания Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган низом асосида иш юритади. Компаниянинг филиалга ва ваколатхонага бериб қўйилган мол-мулки Компаниянинг балансида ҳисобга олинади.

1.14. Компания томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида филиаллар ташкил этиш ва ваколатхоналар очиш, агар  Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, филиаллар ва ваколатхоналар жойлашган ердаги мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

1.15. Компания қонун ҳужжатларига мувофиқ акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклидаги шўъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкин.

1.16. Компания корхонапар, ташкилотлар ва бошка тижорат тузилмаларини ташкил этишда ва уларнинг хужалик фаолиятида, шу жумладан холдинг асосида хам ўз маблағлари билан, шу жумладан улуш қўшиш асосида қатнашиш хуқуқига эга.

Компания таркибига бошка корхоналарнинг кириши ва ундан чиқиши мумкин.

1.17. Компаниянинг жойлашган ери (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, А.Темур кўчаси, 25-уй, индекс: 100017, электрон почта манзили: info@uzmontaj.uz.

 

II. КОМПАНИЯНИНГ ФАОЛИЯТ СОҲАСИ (АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ)

ВА МАҚСАДЛАРИ

 

2.1. Компанияни ташкил этишдан асосий мақсад Компаниянинг молиявий-хўжалик фаолиятидан акциядорлар манфаатлари учун фойда олишдир.

2.2. Қуйидагилар Компания фаолиятининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

- Компания таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг республика ҳудудларида иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича тасдиқланган дастурлар, шунингдек ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича мақсадли давлат дастурлари доирасида махсус ва монтаж қурилиш ишларининг тўлиқ мажмуини бажаришни таъминлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

- махсус ва монтаж қурилиш ишлари бозорида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, компания таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларга умумқурилиш пудрат ташкилотлари билан буюртмаларни шакллантиришда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни ташкил қилиш ва такомиллаштириш;

- замонавий ахборот-коммуникация технологияларни кенг қўллаш асосида инновация технологиялари ва илғор монтаж тизимларини жорий этиш, шунингдек уларни саноатлаштириш, махсус қурилиш-монтаж ишларини ташкил қилишни такомиллаштириш;

- Компания таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларга бажарилаётган ишларнинг сифатини оширишда, лицензия талабларига ва қурилиш меъёри ва қоидаларига амал қилишда кўмаклашиш;

- Компания таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг муҳандис-техник ва ишчи кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил этиш.

2.3. Махсус рухсатнома (лицензия) талаб қилинадиган фаолият турлари тегишли рухсатнома (лицензия) олингандан сўнг амалга оширилади.

Компания юқорида кўрсатилган фаолият турларидан ташқари тадбиркорлик фаолиятининг қонунчиликка зид келмайдиган бошқа турлари билан шуғулланиши мумкин.

 

III. КОМПАНИЯ УСТАВ ФОНДИНИНГ МИҚДОРИ, УНИ КЎПАЙТИРИШ ЁКИ КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ

 

3.1. Компаниянинг устав фонди акциядорлар сотиб олган Компания акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади.

3.2.Компаниянинг устав фонди 43 017 689 000 (кирк уч миллиард ун етти миллион олти юз саксон туккиз минг) сумни ташкил килиб, хар бир акциянинг номинал киймати 1 ООО (бир минг) сум булган 43 017 689 (кирк уч миллион ун етти минг олти юз саксон туккиз) дона оддий эгаси ёзилган акцияга булинган.

Компания устав фондидаги таъсисчиларнинг (акциядорларнинг) хиссалари ва уларнинг фоизлардаги нисбатлари:

Давлат улуши - 43 017 689 000 (кирк уч миллиард ун етти миллион олти юз саксон туккиз минг) сум, яъни устав фондининг 100 фоизини ташкил килади.

а) Компаниянинг устав фондини кўпайтириш

3.3. Компаниянинг устав фонди акцияларнинг номинал қийматини ошириш ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

3.4. Компания устав фондини акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги ва Компания Уставига тегишли ўзгартиришларни киритиш ҳақидаги қарорлар Компания Кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.

3.5. Компания устав фондини қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги ва Компания Уставига тегишли ўзгартиришларни киритиш ҳақидаги қарорлар Компания Кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.

Қўшимча акциялар эълон қилинган Компания Уставида белгиланган акцияларнинг сони доирасидагина Компания томонидан жойлаштирилиши мумкин.

3.6. Компания устав фондини ошириш мақсадида жойлаштирилган акцияларига қўшимча равищда чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акциялари миқдори - номинал қиймати 1 000 (бир минг) сўм бўлган 900 000 000 (тўққиз юз миллион) дона оддий акциялардан иборат.

б) Компаниянинг устав фондини камайтириш

3.7. Компаниянинг устав фонди акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан акцияларнинг бир қисмини кейинчалик бекор қилган ҳолда Компания томонидан акцияларни олиш йўли билан камайтирилиши мумкин.

3.8. Компания устав фондини акцияларнинг бир қисмини олиш ва бекор қилиш йўли билан камайтиришга ҳақли.

3.9. Компания устав фондини камайтиришга, агар бунинг натижасида унинг миқдори Компания устав фондининг Компания Уставидаги тегишли ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида аниқланадиган, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдоридан камайиб кетса, ҳақли эмас.

3.10. Компаниянинг устав фондини камайтириш тўғрисидаги ва Компания Уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарорлар Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

3.11. Компаниянинг устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинаётганда Акциядорларнинг умумий йиғилиши устав фондини камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.

 

IV. КОМПАНИЯ АКЦИЯЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ, НОМИНАЛ ҚИЙМАТИ

ВА СОНИ

4.1. Компаниянинг акциялари оддий эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳисобланади. Акциялар мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида қайси юридик ёки жисмоний шахсга тегишли бўлса, ўша юридик ёки жисмоний шахс акциянинг эгаси - Компания акциядори деб эътироф этилади.

4.2. Компания номинал қиймати 1 000 (бир минг) сўм бўлган оддий эгаси ёзилган акцияларни чиқариш ва уларни жойлаштиришга ҳақлидир.

4.3. Компаниянинг оддий акциялари овоз берувчи бўлиб, улар ўз эгасига дивидендлар олиш, Компанияни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Компаниянинг оддий акциялари унга эгалик қилувчи ҳар бир акциядорга бир хил бўлган ҳажмдаги ҳуқуқларни беради. Компания қонун ҳужжатларида назарда тутилган корпоратив облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни чиқаришга ҳамда жойлаштиришга ҳақли.

V. КОМПАНИЯ АКЦИЯЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ

5.1. Компания ўзи чиқараётган акцияларга уларни оммавий жойлаштириш йўли билан қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда очиқ обуна ўтказишга ҳақли.

Акцияларнинг очиқ обунаси фақат қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорда ўтказилади.

Компания ўзи чиқараётган акцияларга уларни хусусий жойлаштириш йўли билан ёпиқ обуна ўтказишга ҳақли.

5.2. Компания томонидан акцияларнинг дастлабки чиқарилишини жойлаштириш муддати Компания давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги лозим.

Компания томонидан Компаниянинг қўшимча акцияларини ва бошқа эмиссиявий қимматли қоғозларини жойлаштириш муддати уларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак.

5.3. Компаниянинг акцияларини ва бошқа қимматли қоғозларини жойлаштириш чоғида уларга ҳақ тўлаш пул ва бошқа тўлов воситалари, мол-мулк, шунингдек пулда ифодаланадиган баҳога эга бўлган ҳуқуқлар (шу жумладан мулкий ҳуқуқлар) орқали амалга оширилади.

Компаниянинг қўшимча акцияларига ушбу акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган жойлаштириш муддати ичида ҳақ тўланиши лозим.

5.4. Компанияни таъсис этишда унинг акциялари ҳақини тўлаш Компания муассислари томонидан акцияларнинг номинал қиймати бўйича амалга оширилади.

Акцияларни жойлаштириш, шу жумладан акциядорлар ўртасида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи Компания Кузатув кенгаши томонидан қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг савдо майдончаларида вужудга келаётган нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Компаниянинг қўшимча акциялари ва бошқа қимматли қоғозларини жойлаштириш чоғида уларга ҳақ тўлаш уларни чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланганидан кам бўлмаган нарх бўйича амалга оширилади.

Компаниянинг устав фонди кўпайтирилаётганда Компаниянинг қўшимча акцияларига унинг ўз капитали ҳисобидан, шунингдек ҳақини қўшимча акциялар билан тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган дивидендлар ҳисобидан ҳақ тўланган тақдирда, бундай акцияларни жойлаштириш Компания акцияларининг номинал қиймати бўйича амалга оширилади.

5.5. Компания томонидан акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул маблағлари билан тўланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришда овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар уларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлади. Акциядор, шу жумладан Акциядорларнинг умумий йиғилишида қарши овоз берган ёхуд унда иштирок этмаган акциядор акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни ўзига тегишли шу турдаги акциялар миқдорига мутаносиб миқдорда имтиёзли олиш ҳуқуқига эга.

Имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисидаги қарор, шунингдек бундай қарорнинг амал қилиш муддати ҳақидаги қарор Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгаларининг кўпчилик овози билан қабул қилиниши мумкин. Бундай қарорнинг амал қилиш муддати ушбу қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган шахсларнинг рўйхати қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги Компания акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.

Имтиёзли ҳуқуқ амалга оширилган тақдирда, акциядорлар акцияларнинг ва акцияларга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг фақат бутун миқдорини олиши мумкин.

Имтиёзли ҳуқуқдан бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.

VI. КОМПАНИЯ АКЦИЯДОРЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

6.1. Компания акциядорлари:

Компания акциядорларининг реестрига киритилиш;

депозитарийдаги депо ҳисобварағидан ўзига тааллуқли кўчирма олиш;

Компания фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олиш;

Компания тугатилган тақдирда ўзларига тегишли улушга мувофиқ мол-мулкнинг бир қисмини олиш;

Акциядорларнинг умумий йиғилишларида овоз бериш орқали Компанияни бошқаришда иштирок этиш;

Компаниянинг молия-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборотни белгиланган тартибда олиш;

олган дивидендини эркин тасарруф этиш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида, шунингдек судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

ўзига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш;

ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида уюшмаларга ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларига бирлашиш;

қимматли қоғозларни олишда зарар кўриш, шу жумладан бой берилган фойда эҳтимоли билан боғлиқ таваккалчиликларни суғурта қилиш ҳуқуқига эга.

Акциядорлар қонун ҳужжатлари ва ушбу Уставга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

6.2.  Ҳар бир оддий акция эгаси ҳисобланган акциядорга бир хил ҳуқуқларни беради.

6.3. Оддий акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар қонунчиликка ва Компания Уставига мувофиқ Акциядорларнинг умумий йиғилишида мазкур йиғилиш ваколатига кирадиган барча масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин, шунингдек дивидендлар олиш, Компания тугатилган тақдирда эса, ўзларига тегишли улушга мувофиқ Компания мол-мулкининг бир қисмини олиш ҳуқуқига эга.

6.4.  Акцияларга бўлган ҳуқуқлар акцияларни олувчига унинг депо  ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви белгиланган тартибда киритилган  пайтдан  эътиборан  ўтади  ва  қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда депозитарий томонидан бериладиган депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.

Акция билан тасдиқланадиган ҳуқуқлар уларни олувчига ушбу қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқлар ўтган пайтдан эътиборан ўтади.

6.5. Овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар:

Компанияни қайта ташкил этиш тўғрисида;

жойлаштирилган акцияларни йириклаштириш ҳақида;

қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда Компания томонидан мол-мулкни олиш ёки бошқа шахсга бериш билан боғлиқ йирик битим тузиш тўғрисида;

Компаниянинг Уставига овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорларнинг ҳуқуқларини чекловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги таҳрирдаги уставни тасдиқлаш тўғрисида Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилишда, агар улар қарши овоз берган бўлса ёхуд овоз беришда узрли сабабларга кўра иштирок этмаган бўлса, ўзларига тегишли акцияларнинг ҳаммаси ёки бир қисми Компания томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилишга ҳақлидир.

6.6. Акциядор томонидан ҳуқуқларнинг амалга оширилиши бошқа акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги лозим.

Акцияларни бошқа шахсга беришга доир чеклов белгиланиши акциядорни - мазкур акциялар эгасини қонунчиликда белгиланган тартибда Компанияни бошқаришда иштирок этиш ва улар бўйича дивидендлар олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

6.7. Компания акциядорлари қуйидаги мажбуриятларга эга:

Компаниянинг устав қоидаларига ва уставда кўрсатилган тартибда, миқдорда ва усулда ҳисса қўшиш (акция ҳақини тўлаш);

Компания фаолияти тўғрисидаги махфий маълумотларни ташкил қилувчи сирларни фош қилмаслик.

6.8. Акциядорлар ушбу Уставда ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўладилар.

 

VII. КОМПАНИЯ ДАРОМАДИ (ФОЙДА) НИ, ДИВИДЕНДЛАРНИ ТАҚСИМЛАШ ВА ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ

 

7.1. Дивиденд Компания соф фойдасининг акциядорлар ўртасида тақсимланадиган қисмидир.

7.2. Компания акцияларнинг ҳар бир тури бўйича эълон қилинган дивидендларни тўлаши шарт.

7.3. Дивиденд Акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари ёхуд Компаниянинг қимматли қоғозлари билан тўланиши мумкин. Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.

7.4. Компания молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

7.5. Компаниянинг молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги ва тўққиз ойи натижаларига кўра дивидендлар тўлаш тўғрисида қарори тегишли давр тугагандан кейин уч ой ичида қабул қилиниши мумкин.

7.6. Акцияларнинг ҳар бир тури бўйича дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби тўғрисидаги қарор Компания Кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, молиявий ҳисобот маълумотлари асосида Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Дивидендларнинг миқдори Компания Кузатув кенгаши томонидан тавсия этилган миқдордан кўп бўлиши мумкин эмас. Акциядорларнинг умумий йиғилиши акцияларнинг муайян турлари бўйича дивидендлар тўламаслик тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

7.7. Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарорда дивидендлар тўлаш бошланадиган ва тугайдиган саналар кўрсатилган бўлиши лозим.

7.8. Дивидендлар Компаниянинг Компания тасарруфида қоладиган соф фойдасидан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади.

7.9. Дивидендлар тўлаш муддати ва тартиби Компания акциядорларининг умумий йиғилиши қарорида белгиланади. Дивидендлар тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан кеч бўлмаслиги лозим.

7.10. Акциядорларга дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган Компания акциядорлари реестрида қайд этилган шахслар акциялар бўйича дивиденд олиш ҳуқуқига эга.

7.11. Компания:

- устав фондининг ҳаммаси у таъсис этилиши чоғида тўлиқ тўлаб бўлингунига қадар;

- агар дивидендлар тўланадиган пайтда Компанияда банкротлик белгилари мавжуд бўлса ёки Компанияда шундай белгилар дивидендлар тўлаш натижасида пайдо бўлса;

- агар Компания соф активларининг қиймати унинг устав фонди ва захира фонди суммасидан кам бўлса, акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда дивидендлар тўлашга ҳақли эмас.

7.12. Компания дивидендларнинг миқдорини улардан ундириладиган солиқларни инобатга олмаган ҳолда эълон қилади.

Компания тўланадиган дивидендлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ва Компаниянинг расмий веб-сайтида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда эълон қилади.

7.13. Эгаси ёки эгасининг қонуний ҳуқуқий вориси ёхуд меросхўри томонидан уч йил ичида талаб қилиб олинмаган дивиденд Акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра Компания ихтиёрида қолади.

7.14. Компаниянинг х,ар йилги харажатларида хомийлик ва бегараз ёрдамлар микдори олдинги йилдаги соф фойданинг 10 фоизидан ошмаслиги керак ва у компаниянинг олдинги йилидаги соф фойда кисми буйича бизнес-режа курсаткичлари бажарилганда амалга оширилади.

VIII. КОМПАНИЯНИНГ ЗАХИРА ФОНДИНИ ВА БОШҚА ФОНДЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

 

8.1. Компанияда соф фойда ҳисобидан устав фондининг 15 фоизи миқдорида захира фонди тузилади.

8.2. Компаниянинг захира фонди ушбу Уставнинг 8.1-бандида белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойдадан 5% миқдорида ҳар йилги мажбурий ажратмалар орқали шакллантирилади.

8.3. Бошқа маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, Компаниянинг захира фонди Компаниянинг зарарлари ўрнини қоплаш, Компаниянинг корпоратив облигацияларини муомаладан чиқариш, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш ва Компаниянинг акцияларини қайтариб сотиб олиш учун мўлжалланади.

8.4. Компаниянинг захира фондидан бошқа мақсадлар учун фойдаланиш мумкин эмас.

8.5. Акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига мувофиқ Компанияда бошқа фондлар ташкил этилиши мумкин.

IX. КОМПАНИЯНИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ

 

9.1. Компанияни бошқариш органлари қуйидагилардан иборат:

- Акциядорларнинг умумий йиғилиши;

- Кузатув Кенгаши;

- Ижроия органи (Бошқарув).

X. КОМПАНИЯ АКЦИЯДОРЛАРИНИНГ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ

10.1. Акциядорларнинг умумий йиғилиши Компаниянинг юқори бошқарув органидир.

10.2. Акциядорларнинг умумий йиғилишини Компания Кузатув кенгаши раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, Компания Кузатув кенгаши аъзоларидан бири олиб боради.

10.3. Компания акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши ҳар йили молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади.

10.4. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлар ҳисобланади.

10.5. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиш санаси, вақти, жойи ва тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материалларнинг (ахборотнинг) рўйхати Компаниянинг Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

10.6. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

а)  Компания Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки Компаниянинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;

б) Компанияни қайта ташкил этиш;

в) Компанияни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

г)   Компания Кузатув кенгашининг сон таркибини белгилаш, унинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

д)  эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

е) Компания устав фондини камайтириш;

ж)  ўз акцияларини олиш;

з) Компаниянинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;

и)    Компания тафтиш комиссияси аъзоларини  сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

к) Компаниянинг йиллик ҳисоботини тасдиқлаш;

л) Компаниянинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;

м) Компания Кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан, Компанияни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

н) акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда сотиб олишда акциядорларнинг имтиёзли ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисида қарор қабул қилиш;

о) Акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;

п) акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;

р) қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда йирик битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

с) қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда Компаниянинг аффилланган шахси билан тузиладиган битимлар бўйича қарор қабул қилиш;

т) Компания Кузатув кенгаши аъзоларига мукофот ва компенсация миқдорини белгилаш:

у) қонун  ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

10.7. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар Компания ижроия органи ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.

Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар Компаниянинг Кузатув кенгаши ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас, ушбу Уставда кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

10.8. Овозга қўйилган масала бўйича Акциядорларнинг умумий йиғилиши қарори, йиғилишда иштирок этаётган Компания овоз берувчи акциялари эгаси бўлган акциядорларнинг кўпчилик (оддий кўпчилик) овози билан қабул қилинади, қонун ҳужжатларида ва Уставда қарор қабул қилиш учун овоз бериш белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

10.9. Қуйидаги масалалар бўйича қарор Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан қабул қилинади:

Компания Уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ёки Компаниянинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;

Компанияни қайта ташкил этиш;

Компанияни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

Компания Кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан Компанияни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан Компания Кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда йирик битимлар тузиш.

10.10. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўз ишини амалдаги қонунчилик, ушбу Устав ва Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган  "Акциядорларнинг умумий  йиғилиши тўғрисида"ги низом асосида амалга оширади.

10.11. Акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилмаган масалалар бўйича қарор қабул қилишга, шунингдек кун тартибига ўзгартиришлар киритишга ҳақли эмас.

10.12. Акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарорлар, шунингдек овоз бериш якунлари акциядорлар эътиборига етказилади, бироқ бу муддат ана шу қарорлар қабул қилинган санадан эътиборан 30 кундан ошмаслиги керак.

10.13. Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан уч иш куни олдин шакллантирилган Компания акциядорларининг реестрида қайд этилган акциядорлар эга бўлади.

10.14. Компания акциядорининг талабига кўра акциядорга у Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган Компания акциядорлари реестрига киритилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт.

10.15. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар  Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида етти кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан ўттиз кун олдин Компаниянинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилади.

10.16. Компания давлат вакилини Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида етти кун олдин ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

10.17. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

Компаниянинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили;

умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

Компания акциядорларининг реестри шакллантириладиган сана;

умумий йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар;

умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборот (материаллар) билан акциядорларни ва давлат вакилини таништириш тартиби.

10.18. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборотга (материалларга) Компаниянинг йиллик ҳисоботи, Компаниянинг йиллик молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари юзасидан Компания тафтиш комиссиясининг ва аудиторлик ташкилотининг хулосаси, Компания Кузатув кенгашининг Бошқарув раиси ва Бошқарув аъзолари билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, шартномани қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси, Компания Кузатув кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар, Компания Уставига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар лойиҳаси, ёхуд Компаниянинг янги таҳрирдаги устав лойиҳаси киради.

10.19. Компания овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядорлар (акциядор) Компаниянинг молия йили тугаганидан кейин ўттиз кундан кечиктирмай, Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига масалалар киритишга ҳамда Компания Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига бу органнинг миқдор таркибидан ошмайдиган тарзда номзодлар кўрсатишга ҳақли.

Акциядорлар (акциядор) Компания Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига ўзлари кўрсатган номзодлар рўйхатига Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган санадан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ўзгартиришлар киритишга ҳақли.

10.20. Акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига масала уни қўйиш сабаблари, масалани киритаётган акциядорларнинг (акциядорнинг) исми-шарифи (номи), уларга тегишли акцияларнинг сони ва тури кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда киритилади.

10.21. Компания Кузатув кенгашига ва тафтиш комиссиясига номзодлар кўрсатиш тўғрисида таклифлар киритилганда, шу жумладан ўзини ўзи номзод қилиб кўрсатилган тақдирда номзоднинг исми-шарифи, унга тегишли акцияларнинг сони ва тури (агар номзод Компания акциядори бўлса), шунингдек номзодни кўрсатаётган акциядорларнинг исми-шарифи (номи), уларга тегишли акцияларнинг сони ва тури кўрсатилади.

10.22. Аниқ масала қўйилишини акс эттирмайдиган таърифларнинг (шу жумладан, ''турли масалалар", "бошқа масалалар", "ўзга масалалар" ва шу сингари таърифларнинг) Акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилишига йўл қўйилмайди.

10.23. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 10 кундан кам ва 30 кундан кўп этиб белгиланиши мумкин эмас.

10.24. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши Компания Кузатув
кенгашининг қарорига кўра унинг ўз ташаббуси асосида, тафтиш
комиссияси талабига кўра, шунингдек талаб тақдим этилган санада Компаниянинг овоз
берувчи акцияларининг камида беш фоизига эга бўлган акциядорнинг
(акциядорларнинг) ёзма талаби билан ўтказилади.

10.25. Компания тафтиш комиссиясининг ёки Компания овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) ёзма талабига кўра Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш ҳақида ёзма талаб тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай Компаниянинг Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

10.26. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабда йиғилиш кун тартибига киритилиши керак бўлган масалалар уларни киритиш сабаблари кўрсатилган ҳолда таърифланган бўлиши керак.

10.27. Компания Кузатув кенгаши Компания тафтиш комиссиясининг ёки Компания овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра чақириладиган Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибидаги масалаларнинг таърифига ўзгартишлар киритишга ҳақли эмас.

10.28. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талаб акциядордан (акциядорлардан) чиққан тақдирда, бу талабда умумий йиғилишни чақиришни талаб қилаётган акциядорнинг (акциядорларнинг) исми-шарифи (номи), унга тегишли акцияларнинг сони, тури кўрсатилган бўлиши лозим.

10.29. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талаб Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни талаб қилган шахс (шахслар) томонидан имзоланади.

10.30. Компания тафтиш комиссияси ёки Компаниянинг овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар) навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш тўғрисида талаб тақдим этган санадан эътиборан ўн кун ичида Компания Кузатув кенгаши Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида ёки йиғилишни чақиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши керак.

10.31. Агар Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказиш тугалланган пайтда Компаниянинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами эллик фоизидан кўпроқ овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, Акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколатли (кворумга эга) бўлади.

10.32. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун кворум бўлмаса, Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилишини ўтказиш санаси эълон қилинади. Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилишини ўтказишда кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

10.33. Агар акциядорларнинг ўтказилмай қолган йиғилиши ўрнига чақирилган такрорий умумий йиғилишида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказиш тугалланган пайтда Компаниянинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами қирқ фоизидан кўпроқ овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, Акциядорларнинг такрорий умумий йиғилиши ваколатли бўлади.

10.34. Кворум бўлмаганлиги сабабли Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш санаси йигирма кундан кам муддатга кўчирилган тақдирда, умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар ўтказилмай қолган умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг реестрига мувофиқ аниқланади.

10.35. Акциядорларнинг умумий йиғилишида кун тартиби масалалари бўйича овоз бериш овоз бериш бюллетенлари орқали амалга оширилади. Овоз бериш бюллетенларининг шакли ва матни Компаниянинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Овоз бериш бюллетени умумий йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган акциядорга (унинг вакилига) берилади.

10.36. Овозларни санаб чиқиш, Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиши учун акциядорларни рўйхатга олиш, шунингдек овоз бериш бюллетенларини тарқатиш учун Компания Кузатув кенгаши томонидан саноқ комиссияси тузилиб, унинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

10.37. Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи акциядор томонидан шахсан ёки унинг вакили орқали амалга оширилади.

10.38. Акциядор Акциядорларнинг умумий йиғилишидаги ўз вакилини исталган вақтда алмаштиришга ёки йиғилишда шахсан ўзи иштирок этишга ҳақлидир.

10.39. Акциядорнинг вакили Акциядорларнинг умумий йиғилишида ёзма шаклда тузилган ишончнома асосида иш юритади. Овоз беришга доир ишончномада ваколат берган ва вакил қилинган шахс тўғрисидаги маълумотлар (исми-шарифи ёки номи, яшаш жойи ёки жойлашган ери, паспортига оид маълумотлар) бўлиши лозим. Жисмоний шахс номидан берилган овоз беришга доир ишончнома нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак. Юридик шахс номидан овоз беришга доир ишончнома унинг раҳбарининг имзоси ва ушбу юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган ҳолда берилади.

10.40. Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси Акциядорларнинг умумий йиғилиши ёпилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай икки нусхада тузилади. Ҳар иккала нусха ҳам умумий йиғилишда раислик қилувчи ва умумий йиғилиш котиби томонидан имзоланади.

10.41. Барча оддий акциялар битта акциядорга тегишли бўлса, Компанияда Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилмайди. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра Акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколатига киритилган масалалар бўйича қарорлар бундай акциядор томонидан якка тартибда қабул қилинади ҳамда ёзма равишда расмийлаштирилади.

 

XI. КОМПАНИЯ КУЗАТУВ КЕНГАШИ

11.1. Компаниянинг Кузатув кенгаши Компания фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, қонун ҳужжатлари ва ушбу Устав билан Акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколат доирасига киритилган масалаларни ҳал этиш бундан мустасно.

11.2. Компания Кузатув кенгашининг ваколатларига қуйидагилар киради:

Компания фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

Акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

Акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибини тайёрлаш;

Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;

Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш учун Компания акциядорларининг реестрини шакллантириш санасини белгилаш;

Компания Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки Компаниянинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш масалаларини Акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;

мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;

Компаниянинг ижроия органини тузиш, Бошқарув аъзоларини сайлаш (тайинлаш), уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, Бошқарув раисини сайлаш (тайинлаш),  унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

Компаниянинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш;

ички аудит хизматини ташкил этиш, унинг ходимларини тайинлаш, шунингдек ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;

Компания ижроия органининг фаолиятига дахлдор ҳар қандай ҳужжатлардан эркин фойдаланиш ва Компания Кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун бу ҳужжатларни ижроия органидан олиш. Компания Кузатув кенгаши ва унинг аъзолари олинган ҳужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;

аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш;

Компаниянинг тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ ва компенсацияларнинг миқдорлари юзасидан тавсиялар бериш;

дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;

Компаниянинг захира фондидан ва бошқа фондларидан фойдаланиш;

Компаниянинг филиалларини ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;

Компаниянинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;

қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда йирик битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда аффилланган шахслар иштирокида битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Компаниянинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиш;

Компаниянинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Компаниянинг устав фондини кўпайтириш масалаларини, шунингдек Компания Уставига Компаниянинг устав фондини кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;

Компания томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

ижроия органига тўланадиган ҳақ ва компенсацияларнинг миқдорларини белгилаш;

амалдаги қонунчилик ва ушбу Уставга мувофиқ Компания Кузатув кенгаши ваколатларига киритилган бошқа масалаларни ҳал этиш.

11.3. Компания Кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар ҳал қилиш учун Компаниянинг ижроия органига ўтказилиши мумкин эмас.

11.4. Компания Кузатув кенгаши ўз ишини амалдаги қонунчилик, ушбу Устав ва Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган "Кузатув кенгаши тўғрисида"ги низом асосида амалга оширади.

11.5. Компания Кузатув кенгаши аъзоларининг сони 7 кишидан иборат.

Компания Кузатув кенгашининг аъзолари қонунчилик назарда тутилган тартибда Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга сайланади.

11.6. Компаниянинг Кузатув кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин.

11.7. Давлат вакили лавозимига кўра Компания Кузатув кенгашининг аъзоси бўлади, у Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан сайланмайди (қайта сайланмайди).

11.8. Компания Бошқаруви аъзолари ва унинг раиси Компания Кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас.

11.9. Компанияда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар Компаниянинг Кузатув кенгаши аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Компаниянинг Кузатув кенгаши таркибига сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар Акциядорларнинг умумий йиғилиши тасдиқлаган қарорда белгилаб қўйилади.

11.10.  Компания Кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, Кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисларда баённома юритилишини ташкил этади, Акциядорларнинг умумий йиғилишида раислик қилади.

11.11. Компания Кузатув кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Кузатув кенгашининг аъзоларидан бири амалга оширади.

 Компания Кузатув кенгашининг мажлиси Кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббусига кўра, Компания Кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси, ижроия органи аъзосининг талабига кўра чақирилади.

11.12. Компания Кузатув кенгашининг мажлиси унинг раиси томонидан ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Заруриятга кўра Компания Кузатув кенгашининг навбатдан ташқари мажлислари ҳам ўтказилиши мумкин.

11.13.    Компания Кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум Компания Кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Компания Кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади, қонун ҳужжатларида ва ушбу Уставда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Компания Кузатув кенгаши мажлисида масалалар ҳал этилаётганда Кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга.

Компания Кузатув кенгаши томонидан давлат вакилининг иштирокисиз қабул қилинган қарорлар, шунингдек вето қўйилган қарорлар ижро этилмайди.

Компания Кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини Кузатув кенгашининг бошқа аъзосига беришига йўл кўйилмайди.

Компания Кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлган тақдирда Кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилишда Компания Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Компания Кузатув кенгашиининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан  (сўров йўли билан) Компания Кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши мумкин.

11.14. Компания Кузатув кенгашининг мажлисида баённома юритилади. Кузатув кенгашининг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг 10 кундан кечиктирмай тузилади. Компания Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этаётган Компания Кузатув кенгаши аъзолари томонидан имзоланади, улар мажлиснинг баённомаси тўғри расмийлаштирилиши учун жавобгар бўлади.

Компания Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси имзоланган куни Компаниянинг ижроия органига ижро этиш учун топширилади. Кузатув кенгаши Акциядорларнинг умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, мазкур қарор ҳақидаги ахборот ижроия органига Кузатув кенгашининг мажлиси ўтказиладиган куни топширилади.

11.15. Компания Кузатув кенгашининг аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда Компаниянинг манфаатларини кўзлаб иш тутади ҳамда белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

XII. КОМПАНИЯНИНГ ИЖРОИЯ ОРГАНИ

12.1. Компаниянинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш ваколати Компания Бошқаруви томонидан амалга оширилади.

Компания Бошқарувининг ваколатларига Компаниянинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, Акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколатларига ёки Компания Кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно.

12.2. Компания Бошқаруви Акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Компания Кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади.

Компания Бошқаруви Акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Компания Кузатув кенгашига ҳисобот беради.

12.3. Компания Бошқаруви Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Ушбу Устав ва Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган "Ижроия органи тўғрисида”ги низом асосида иш олиб боради.

12.4. Компаниянинг Бошкарув аъзоларини сайлаш (тайинлаш), уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, Бошкарув раисини сайлаш (тайинлаш), унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тугрисида карор Компаниянинг Кузатув кенгаши томонидан кабул килинади. Компания Бошкаруви аъзоларининг сони 5 кишидан иборат.

Акциядорлик компания ижроия органи рахбари ва унинг уринбосарлари лавозимига тайинлаш хдкида карор кабул килиш конкурс (танлов) асосида амалга оширилади.

12.5. Компания Бошқаруви ваколатига қуйидагилар киради:

Компания фаолиятининг асосий йўналишлари лойиҳасини ишлаб чиқиш;

Компаниянинг бизнес-режасини ишлаб чиқиш;

капитал маблағлар, илмий тадқиқотлар ва умумий аҳамиятга эга бўлган бошқа ишларни молиялаштириш учун марказлаштирилган фондлар ва захираларни шакллантириш;

ўрнатилган тартибда Компания таркибига кирувчи корхоналар, таркибий бўлинмалар, ташкилотлар ва давлат мулкига асосланган бошқа тузилмаларни ташкил этиш, қайта тузиш ва тугатиш бўйича таклифлар тайёрлаш, уларнинг ваколатларини белгилаш;

Компания Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Компания таркибига кирувчи корхоналарни хусусийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш, мазкур масала юзасидан Компания Кузатув кенгашига таклифлар тайёрлаш;

Ижроия органи тўғрисида”ги низомга мувофиқ Бошқарув ваколатига кирувчи бошқа масалалар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли қарорлар қабул қилиш.

12.6. Компания Бошқарувининг мажлисида баённома юритилади. Компания Бошқаруви мажлисининг баённомаси Кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг аъзолари талабига кўра уларга берилади.

12.7. Компания Бошқаруви мажлисларини ўтказишни Бошқарув раиси ташкил этади, у Компания номидан барча ҳужжатларни ҳамда Компания бошқаруви мажлиси баённомаларини имзолайди. Компания Бошқаруви ўз ваколат доирасида қабул қилган қарорларга мувофиқ Компания номидан ишончномасиз иш юритади.

12.8.    Компания Бошқаруви раиси ваколатига қуйидагилар киради:

Компания Бошқаруви раиси Компания номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди, Компания номидан битимлар тузади, Компаниянинг филиали ёки ваколатхонаси раҳбарини тайинлайди, штатларни тасдиқлайди;

Компаниянинг барча мансабдор шахслари ва ходимлари бажариши шарт бўлган буйруқлар, фармойишлар, кўрсатмаларни чиқаради, шунингдек ўзининг ваколати доирасига кирувчи масалаларга оид йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди;

Компания фаолияти ва унинг ижроия органига (Бошқарувга) раҳбарлик қилади,  Компания  зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ҳамда ушбу Уставга риоя қилиниши юзасидан жавобгар ҳисобланади, раис ўринбосарлари ва Бошқарув аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Компания фаолиятига оид масалаларни ҳал қилишда уларнинг ваколатларини белгилайди;

Акциядорларнинг умумий йиғилиши, Компания Кузатув кенгаши ва Бошқарув қарорларининг ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди;

Компания Кузатув кенгашининг розилигига кўра унинг ишида маслаҳат овози билан иштирок этади;

Компания маблағларига белгиланган тартибда ишончномасиз эгалик қилади, банкларда ҳисоб ва бошқа рақамлар очади, компаниянинг ҳисоб-китоб ҳужжатлари ва ҳисоботларини имзолайди, Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан ва ундан ташқаридаги муносабатларда Компания номидан иш юритади, Компания номидан келишувлар, шартномалар, контрактлар ва бошқа битимлар тузади, бундай битимларни амалга ошириш учун ишончномалар беради;

Компания Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун Компания ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини ўрнатилган тартибда киритади;

Компания бошқармалари ва таркибий бўлинмалари низомларини тасдиқлайди;

Компания ходимларига нисбатан амалдаги қонунчиликда ва Компания ходимларининг интизоми ҳақидаги низомда кўзда тутилган интизомий жазо чораларини қўллайди;

ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлайди, лавозим иш ҳақлари, уларга устамаларни, турли қўшимча тўловларни белгилайди, Компания ходимларини рағбатлантиради, шунингдек, Компания ходимларини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида компенсация тўловларини ўрнатади;

Компаниянинг илғор ходимларини белгиланган тартибда кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар билан мукофотлайди ва рағбатлантиришнинг бошқа турларини қўллайди;

“Ижроия органи тўғрисида”ги низомга мувофиқ Бошқарув раиси ваколатига кирувчи бошқа масалалар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли қарорлар қабул қилади.

Бошқарув аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тегишинча қонун ҳужжатларида, Компания Уставида ҳамда уларнинг ҳар бири Компания билан бир йил муддатга тузадиган шартномада белгиланиб, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинади. Шартнома Компания номидан Компания Кузатув кенгашининг раиси ёки Кузатув кенгаши ваколат берган шахс томонидан имзоланади. Компания Бошқаруви раиси билан тузиладиган шартномада унинг Компания фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича мажбуриятлари ҳамда Компаниянинг йиллик бизнес-режасини бажариш қандай бораётганлиги юзасидан Акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Компания Кузатув кенгаши олдида берадиган ҳисоботларининг даврийлиги назарда тутилиши керак.

Компаниянинг Бошқарув аъзоларига, Бошқарув раисига тўланадиган ҳақ миқдори ва ҳақ тўлаш шартлари Компания фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади ва шартномада белгиланади.

12.9. Компания Бошқаруви ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз бурчларини бажаришда Компаниянинг манфаатларини кўзлаб иш тутиши лозим.

12.10. Компания Бошқаруви қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ Компания олдида жавобгардир.

XIII. КОМПАНИЯНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

а) Тафтиш комиссияси

13.1. Компаниянинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга тафтиш комиссияси сайланади. Компания тафтиш комиссияси 3 кишидан иборат.

13.2. Компания тафтиш комиссияси аъзоларига доир малака талаблари Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланади. Айни бир шахс Компания тафтиш комиссияси таркибига кетма-кет уч мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

13.3. Компания тафтиш комиссиясининг ваколати амалдаги қонунчилик ва ушбу Устав билан белгиланади.

13.4. Компания тафтиш комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби Акциядорларнинг  умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган “Компания тафтиш комиссияси тўғрисида”ги низомда белгиланади.

13.5. Компания тафтиш комиссиясининг ёзма талабига кўра Компаниянинг ижроия органида мансабни эгаллаб турган шахслар Компаниянинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тафтиш комиссиясига такдим этиши шарт.

13.6. Компания тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида Компания Кузатув кенгашининг аъзоси бўлиши, шунингдек айни шу Компанияда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаши мумкин эмас.

13.7. Компаниянинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тафтиш комиссиясининг, Акциядорлар умумий йиғилишининг, Кузатув кенгашининг ташаббусига кўра ёки Компания овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра Компания Кузатув кенгашини олдиндан хабардор қилиш йўли билан бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.

13.8. Компаниянинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра Компаниянинг тафтиш комиссияси хулоса тузади, бу хулосада:

Компаниянинг ҳисоботларида ва бошқа молиявий ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигига доир баҳо;

бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, шунингдек молия-хўжалик фаолияти амалга оширилаётганда қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги ахборот кўрсатилиши шарт.

13.9. Тафтиш комиссияси Компанияда аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ёки йирик битимлар мавжудлиги, шунингдек қонун ҳужжатларининг ва Компания ички ҳужжатларининг бундай битимларни тузишга доир талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосани ҳар чоракда Компания Кузатув кенгашининг мажлисига олиб чиқади. Ушбу Уставнинг 13.8-бандида кўрсатилган ахборотни ўз ичига олган хулоса Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида эшитилади.

13.10. Компаниянинг тафтиш комиссияси амалдаги қонунчиликка мувофиқ Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилишини талаб қилишга ҳақли.

б) Ички аудит хизмати

13.11. Компания активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг баробаридан кўп бўлган тақдирда Компанияда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ички аудит хизмати Компаниянинг Кузатув кенгашига ҳисобдордир.

13.12. Компаниянинг ички аудит хизмати Компаниянинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан қонун ҳужжатларига, Компания Уставига ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек Компанияни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш орқали Компаниянинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди.

13.13. Компаниянинг ички аудит хизмати ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширади.

 

в) Аудиторлик ташкилоти (ташқи аудитор)

13.14. Аудиторлик ташкилоти Компания билан тузилган шартномага мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Компаниянинг молия-хўжалик фаолиятининг текширилишини амалга оширади ва унга аудиторлик хулосаси тақдим этади.

13.15. Аудиторлик ташкилоти Компаниянинг молиявий ҳисоботи ва молияга доир бошқа ахборот ҳақида нотўғри хулосани ўз ичига олган аудиторлик хулосаси тузилганлиги оқибатида етказилган зарар учун Компания олдида жавобгар бўлади.

13.16. Компанияда аудиторлик текшируви ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатдан келиб чиққан ҳолда танлов асосида амалга оширилади.

XIV. КОМПАНИЯНИНГ ЙИЛЛИК ҲИСОБОТЛАРИНИ ТУЗИШ,

ТЕКШИРИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ

14.1. Компания қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритиши ва молиявий ҳисобот тақдим этиши шарт.

14.2. Компанияда бухгалтерия ҳисобининг ташкил этилиши, ҳолати ва ишончлилиги, тегишли органларга ҳар йилги ҳисобот ва бошқа молиявий ҳисоботлар, шунингдек Компаниянинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида акциядорларга, кредиторларга тақдим этиладиган Компания фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгарлик Компания ижроия органининг зиммасида бўлади.

14.3. Компаниянинг молиявий ҳисоботида кўрсатилган ва Акциядорларнинг умумий йиғилишига тақдим этиладиган йиллик ҳисоботдаги, бухгалтерия балансидаги, фойда ва зарарлар ҳисобварағидаги маълумотларнинг ишончлилиги мулкий манфаатлари Компания ёки унинг акциядорлари билан боғлиқ бўлмаган аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

14.4. Компаниянинг йиллик ҳисоботи Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида ўттиз кундан кечиктирмай Компаниянинг Кузатув кенгаши томонидан дастлабки тарзда тасдиқланиши лозим.

14.5. Компаниянинг молия йили 1 январдан бошланади ва 31 декабрда тугайди.

XV. КОМПАНИЯНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ

а) Компанияни қайта ташкил этиш тартиби

15.1. Компанияни қайта ташкил этиш Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш шаклида амалга оширилади.

15.2. Қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан Компания 30 кундан кечиктирмай ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма равишда хабардор этади.

15.3. Кредитор Компаниядан мажбуриятларни тўхтатиш ёки муддатидан илгари бажаришни ҳамда зарарнинг ўрнини қоплашни қуйидаги муддатларда ёзма равишда хабардор этиш орқали талаб қилишга ҳақли:

қўшиб юбориш, қўшиб олиш ёки ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш ҳақидаги ёзма билдириш Компания томонидан кредиторга юборилган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай;

бўлиш ёки ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш ҳақидаги ёзма билдириш Компания томонидан кредиторга юборилган санадан эътиборан олтмиш кундан кечиктирмай.

15.4. Компанияни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш) амалдаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.

15.5. Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этилганда, Компания фақат акциядорлик жамиятлари ёки масъулияти чекланган жамиятлар билан қўшиб юборилиши мумкин.

15.6. Компанияни юридик шахслар билан бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклда қўшиб юборишга йўл қўйилмайди.

15.7. Компания қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда юридик шахснинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакли этиб ўзгартирилишга ҳақли.

 

б) Компанияни тугатиш тартиби

15.8. Компаниянинг тугатилиши ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтказмаган ҳолда Компания фаолиятини тугатишга сабаб бўлади.

15.9. Компания қуйидаги ҳолларда тугатилади:

Акциядорларнинг умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ;

қонун ҳужжатларига мувофиқ суд қарорига асосан;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.

15.10. Компания ихтиёрий равишда тугатилган тақдирда, тугатилаётган Компаниянинг Кузатув кенгаши Компанияни тугатиш ва тугатувчини тайинлаш тўғрисидаги масалани Акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун олиб чиқади. Ихтиёрий равишда тугатилаётган Компания акциядорларининг умумий йиғилиши Компанияни тугатиш ва тугатувчини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилади.

15.11. Компания суднинг қарорига кўра тугатилаётганда тугатувчини тайинлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

15.12. Тугатувчи тайинланган пайтдан эътиборан Компания ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар унга ўтади. Тугатувчи тугатилаётган Компания номидан судда иштирок этади.

15.13. Тугатувчи:

тегишли матбуот органида Компаниянинг тугатилиши, унинг кредиторларининг талаб қўйиш тартиби ва муддатлари тўғрисида хабар эълон қилади. Кредиторларнинг талаб қўйиш муддати Компания тугатилиши тўғрисида хабар эълон қилинган санадан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги лозим;

кредиторларни аниқлаш ва дебиторлик қарзларини олиш чора-тадбирларини кўради, шунингдек кредиторларни Компаниянинг тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

15.14.   Кредиторларнинг талаблар қўйиши учун белгиланган муддат тугаганидан кейин тугатувчи оралиқ тугатиш балансини тузади. Мазкур балансда тугатилаётган Компания мол-мулкининг таркиби, кредиторлар томонидан тақдим этилган талаблар, шунингдек уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Оралиқ тугатиш баланси Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

15.15. Агар Компаниянинг мавжуд пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатувчи Компаниянинг мол-мулкини суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда ким ошди савдосида сотишни амалга оширади.

15.16. Тугатилаётган Компания кредиторларига пул суммаларини тўлаш тугатувчи томонидан оралиқ тугатиш балансига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида ушбу баланс тасдиқланган кундан бошлаб амалга оширилади.

15.17. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаганидан кейин тугатувчи тугатиш балансини тузади, тугатиш баланси Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

15.18. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаганидан кейин Компаниянинг қолган мол-мулки тугатувчи томонидан акциядорлар ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган навбат бўйича тақсимланади.

15.19. Мол-мулкни ҳар бир навбат тартиби бўйича тақсимлаш аввалги навбат тартиби бўйича мол-мулк тўлиқ тақсимлаб бўлинганидан кейин амалга оширилади.

15.20. Давлат рўйхатидан ўтказувчи орган юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига тегишли ёзувларни киритган пайтдан эътиборан Компанияни тугатиш тамомланган, Компания эса фаолиятини тугатган ҳисобланади.

Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан Компания тугатилганлиги ҳақидаги тегишли ёзув Компания қимматли қоғозлари чиқарилишларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бекор қилинганидан кейингина киритилади.

15.21. Тугатувчи ноқонуний ёки атайин нотўғри қилинган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида Компанияга келтирилган зарар учун жавобгардир.

ХVI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

16.1. Устав бўйича келиб чиқадиган барча низо ва келишмовчиликлар акциядорларнинг ўзаро келишуви йўли билан амалдаги қонун ҳужжатлари ва ушбу Уставга асосан ҳал қилинади.

16.2. Низо ва келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилиш имконияти бўлмаган тақдирда улар тегишли равишда суд орқали ҳал қилинади.

16.3. Мазкур Устав Компания Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб кучга киради.

16.4. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган масалалар, қонунда бошқа ҳоллар назарда тутилмаган бўлса, ушбу Уставга мувофиқ тартибга солинади.

“O’zmontajmaxsusqurilish” aksiyadorlik kompaniyasi ustavini quyidagi manzil bo'yicha yuklab olishingiz mumkin: 

PDF-Small.jpg«O’zmaxsusmontajqurilish» АК Устави, «O’zmaxsusmontajqurilish» АК ягона акциядорининг 2016 йил 27” июндаги баённома қарори билан тасдиқланган (.PDF 1.6 MB)

PDF-Small.jpg«O’zmaxsusmontajqurilish» АК Уставига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар матни - «O’zmaxsusmontajqurilish» АК ягона акциядорининг 2016 йил 16” майдаги баённома қарори билан тасдиқланган (.PDF 525 KB)

PDF-Small.jpg«O’zmaxsusmontajqurilish» АК Устави, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг 2014 йил 15 майдаги 06-к-ПО-сонли буйруғи билан тасдиқланган (.PDF 2.28 MB)






загрузка карты...